Тошкент вилоятида фуқароликка қабул қилинган шахсларга ID-карталар тантанали равишда топширилди
2026-01-06 09:45:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятида доимий яшаб келаётган, илгари фуқаролиги бўлмаган бир гуруҳ шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди ҳамда уларга идентификация ID-карталари тантанали тарзда топширилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида фуқаролиги бўлмаган шахсларни фуқароликка қабул қилиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Мазкур тадбир доирасида Тошкент вилоятида доимий истиқомат қилаётган 61 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олиниб, уларга белгиланган тартибда ID-карталар топширилди.
Тантанали тадбирда Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар Президентимиз томонидан фуқароликка қабул қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар жамиятда адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, ушбу ташаббуслар мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик ва фуқароларнинг фаровон ҳаётини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









