«Президент арчаси» ва Янги йил байрам тадбирларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди
2026-01-01 11:55:00 / Янгиликлар

«Президент арчаси» ҳамда Янги йил байрам тадбирларини республика ҳудудларида хавфсиз, тартибли ва юқори савияда ўтказиш мақсадида жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ташкилий ва техник чора-тадбирлар амалга оширилди. Аҳоли кўп тўпланадиган байрам объектларида жиноятчилик ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш учун интеллектуал видеокузатув тизимлари жорий этилди.
Жами 253 та байрам объектида, жумладан, 238 та Янги йил тадбирлари ва 15 та «Президент арчаси» ўтказиладиган ҳудудларда 1 561 та интеллектуал видеокузатув камераси ўрнатилди. Ушбу камералар кириш-чиқиш нуқталари, асосий йиғин майдонлари ҳамда фуқаролар ҳаракати фаол бўлган ҳудудларни тўлиқ қамраб олган ҳолда, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги «Хавфсиз шаҳар» тизимининг ягона аппарат-дастурий платформасига интеграция қилинди. Бу эса байрам тадбирларини реал вақт режимида кузатиш, вазиятни доимий таҳлил қилиш ва эҳтимолий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш имконини бермоқда.
Шунингдек, ИИВ «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази раҳбарияти томонидан Янги йил байрамини юқори даражада ўтказиш масалалари муҳокама қилиниб, видеокузатув тизимларининг узлуксиз ва самарали ишлашини таъминлаш, мутасадди ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Йиғилиш якунида марказ ходимлари Янги йил байрами муносабати билан табрикланиб, келгуси йилда ҳам белгиланган вазифаларни юқори савияда бажаришга ишонч билдирилди.
ИИВ «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази





