Қашқадарё вилоятида жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
2026-01-01 11:30:00 / Янгиликлар

Вилоятнинг Қарши шаҳри, Кўкдала ва Яккабоғ туманларида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳамда содир этилган жиноятларни таҳлил қилишга бағишланган муҳокама йиғилишлари ўтказилди. Тадбирларда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов, прокуратура, ички ишлар органлари, маҳалла еттилиги, жамоатчилик ва тегишли мутасаддилар иштирок этди.
Муҳокамаларда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари танқидий ва очиқ руҳда таҳлил қилиниб, уларни фақат жазо орқали эмас, балки ижтимоий, тарбиявий ва профилактик чоралар орқали бартараф этиш зарурлиги таъкидланди. Айниқса, маҳалла институтининг роли, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ёшлар билан мақсадли ишлаш, аҳоли билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва ижтимоий муҳитни соғломлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишлар якунида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат органлари билан бир қаторда жамоатчилик, маҳалла ва оилаларнинг ҳамжиҳатлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилиб, профилактика ишларини янги ёндашувлар асосида янада кучайтириш зарурлиги уқтирилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









