Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Янги йил байрами арафасида ижтимоий ва профилактик тадбирлар амалга оширилди
2026-01-01 10:35:00 / Янгиликлар

Янги йил байрами арафасида Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган қатор тадбирлар амалга оширилди. Вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигида ички ишлар органлари фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларнинг кўп йиллик фидокорона меҳнати ёш авлод учун ибрат экани таъкидланди ҳамда байрам совғалари топширилди. Бу каби эҳтиром тадбирлари Фарғона шаҳри, Марғилон ва бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилди.
Шунингдек, вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан Фарғона марказий деҳқон бозори ҳамда Қўқон шаҳрида ташкил этилган арзонлаштирилган байрам ярмаркалари фаолияти ўрганилди. Ярмаркаларда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар, маҳсулотлар сифати ва нарх-наво барқарорлиги, жамоат тартибини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида шифохонада даволанаётган ходимлар ҳолидан хабар олиниб, уларга маънавий қўллаб-қувватлаш кўрсатилди. Ушбу тадбирлар юртимизда инсон қадрини улуғлаш, кексалар ва ходимларга ғамхўрлик кўрсатиш тамойиллари амалда изчил таъминланаётганини яққол намоён этди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати









