Сирдарё туманида ёшлар билан манзилли ишлаш масалалари юзасидан ўрганиш ва учрашувлар ўтказилди
2025-12-30 11:25:00 / Янгиликлар

Ёшлар ҳар бир мамлакатнинг эртанги куни, энг катта ишончи ва мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Шу боис бугунги кунда раҳбар кадрларга ёшларни бириктириш амалиёти изчил йўлга қўйилиб, айниқса жиноят содир этишга мойил, хулқ-атворида салбий жиҳатлар кузатилган ёшлар билан манзилли ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу мақсадда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Фарух Хайдаров Сирдарё туманида бўлиб, ўзига бириктирилган ёшлар билан бевосита учрашувлар ўтказди. Ўрганишлар жараёнида ёшларнинг оилавий ҳолати, ижтимоий муаммолари, соғлиғи, таълим олиши, бандлиги ва келажак режалари атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, уларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳар бир масала бўйича аниқ ечимлар белгиланди.
Хусусан масъулларга ушбу ёшларнинг доимий бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, даромад манбасини яратиш, шунингдек соғлиги билан боғлиқ муаммоларини ижобий ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Бу каби ўрганишлар, ички ишлар органларига бириктирилган ёшлар билан манзилли учрашув ва ўрганишлар ҳудудларда давом этмоқда
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати




