Аралаш жанг санъатлари бўйича Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақаси ўтказилди
2025-12-30 11:10:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва барча спорт турларини, жумладан аралаш жанг санъатларини ривожлантириш борасида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ушбу спорт турининг оммавийлигини ошириш, уни замонавий талаблар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциациясига бевосита Ички ишлар вазири раҳбарлик қила бошлади. Бу эса мазкур спорт турини янада қўллаб-қувватлаш, унинг нуфузини ошириш ва профессионал даражада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Шу йўналишдаги муҳим тадбирлардан бири сифатида Самарқанд шаҳрида аралаш жанг санъатлари бўйича «Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги» мусобақасининг ўтказилиши аҳамиятли воқеа бўлди. Мазкур мусобақа ушбу спорт турини ҳудудларда янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ва уларнинг маҳоратларини оширишга хизмат қилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал майор Тохир Арипов иштирок этиб, барча қатнашчиларга омад ва зафарлар тилади. Шунингдек, спорт нафақат жисмоний бақувватлик, балки дўстлик, ҳамжиҳатлик, интизом ва ватанпарварлик рамзи эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Беллашувлар давомида энг моҳир спортчилар 5 та вазн тоифасида ўзаро куч синашдилар. Жанглар юқори савияда, дўстона муҳитда, ҳалоллик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилди.
Мусобақа якунида энг маҳоратли спортчилар ғолибликни қўлга киритиб, вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан муносиб равишда тақдирланди. Мазкур тадбир аралаш жанг санъатларини ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва соғлом авлодни тарбиялаш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати









