Тунги хизмат. Масъулият, ҳушёрлик ва фидойилик
2025-12-26 16:05:00 / Янгиликлар

Тунги хизматга жалб этилган Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони ходимлари саҳаргача жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар осойишталигини сақлаш учун хизматга киришишган.
Жумладан, 2-отряд бўлинма командири, кичик сержант Сирож Баҳромов ҳамда инспектор, сержант Фурқат Қодиров томонидан тунги хизмат давомида кўча ва жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик содир этган ҳамда шубҳа уйғотган фуқаролар аниқланиб, Жиззах шаҳар ИИБ 2-сонли ИИБга олиб келинди. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Хусусан, хизмат ҳудудида шубҳали кўринган шахснинг ғилофсиз ҳолда тиғли жисм — ошхона пичоғини олиб юргани аниқланди. Текширув давомида унинг «Ёшлик» МФЙда яшовчи, 1977 йилда туғилган Ш.Ж. эканлиги маълум бўлиб, унга нисбатан қонуний тартибда маъмурий чора кўрилди.
Шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни «иссиқ изида» фош этиш мақсадида вилоят ҳамда шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари билан ҳамкорликда самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, Бахмал туманида яшовчи, шаҳарга мавсумий иш излаб келган, 2000 йилда туғилган Н.Й. «Ёшлик» МФЙ ҳудудида тўхтатиб текширилганда, унинг курткаси чўнтагидан полиэтилен пакетга ўралган елим идишдаги номаълум нарса топилди. Ушбу модда холислар иштирокида расмийлаштириб олинди. Вилоят ИИБ ЭКМ экспертизаси хулосасига кўра, ушбу модда оғирлиги 1,46 грамм бўлган опий гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Тунги хизматда вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони туманлараро отряди инспекторлари, сафдорлар Мансур Саримсоқов ва Алишер Ғаппаров ҳам фаол иштирок этди. Улар Жиззах шаҳри «Заргарлик» маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган вақтда шубҳали кўринган шахснинг ғилофсиз ҳолда ўткир тиғли пичоқни олиб юрганини аниқлашди. Профилактик суҳбат давомида ушбу фуқаро Шароф Рашидов тумани «Равот» МФЙда яшовчи, 1984 йилда туғилган Х.П. экани маълум бўлди. У ҳудуд профилактика инспекторига топширилди.
Ҳушёр ходимлар хизматни давом эттираркан, бедарак йўқолган шахсни топишга ҳам ўз ҳиссасини қўшишди. Зомин туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган уй бекаси Р.Д. турмуш ўртоғи октябрь ойида уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмагани ҳақида мурожаат қилган. Жиноят қидирув ходимлари билан олиб борилган ҳамкорликдаги тезкор қидирув ишлари натижасида Р.Д.нинг турмуш ўртоғи Ф.Б. соғ-саломат ҳолда топилди.
Тун — ҳамма учун ором олиш вақти. Аммо ички ишлар органлари ходимлари учун у масъулият, ҳушёрлик ва фидойилик синовидир. Ана шундай тунги бедорликлар, заҳматли хизмат орқали вилоят, хусусан, Жиззах шаҳри ҳудудида туну кун осойишталик таъминланмоқда.
Сарвар Собиров, ўз мухбиримиз. «Постда»
Жиззах вилояти
