Андижон вилоятида истиқомат қилувчи 39 нафар афв этилган шахслар билан учрашув ўтказилди
2025-12-26 09:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий тасдиғи сифатида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонига асосан афв этилган, Андижон вилоятида истиқомат қилувчи 39 нафар шахс билан вилоят ИИБ бошлиғи Санжар Джабаров иштирокида учрашув ўтказилди.
Мазкур тадбирга афв этилган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларни бандлигини таъминлаш ва бошқа масалалардаги муаммоларини ҳал этиш мақсадида мутасадди ҳамкор ташкилот масъуллари ҳам таклиф этилди.
Учрашув давомида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати, афв институтининг мазмун-моҳияти ва унинг жамиятда адолат ҳамда бағрикенгликни қарор топтиришдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Афв этилган шахсларга қонун талабларига қатъий амал қилиш, такрорий ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, жамиятда ўз ўрнини топиш зарурлиги ҳақида тушунчалар берилди.
Шунингдек, учрашув жараёнида иштирокчиларнинг мурожаатлари тингланиб, иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлиқни сақлаш масалалари бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбир якунида афв этилган шахсларнинг қонуний ҳаёт тарзига қайтиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва барқарор турмуш кечиришини таъминлаш барча мутасадди идораларнинг устувор вазифаси эканлиги қайд этилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









