ИИВ Академиясида етакчи хорижий давлатларнинг тажрибали мутахассисларини таълим жараёнига жалб қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда
2025-12-24 16:35:00 / Янгиликлар

Шу кунларда Хитой Жамоат хавфсизлиги университети вакиллари томонидан «рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» ихтисослик йўналишида таълим олаётган курсантлар учун навбатдаги машғулотлар ташкил этилмоқда.
Бир ҳафталик машғулотлар давомида курсантлар электрон далиллар билан ишлаш, маълумотларни тўплаш, сақлаш ва қайта ишлаш, тармоқ ахборотини мониторинг қилиш, шунингдек кибержиноятларга қарши курашишда қўлланилаётган илғор ёндашувлар бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширадилар.
Машғулотлар олдидан университет мутахассислари академия фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга таълим жараёнлари, мутахассислик йўналишлари, ўқитишнинг замонавий методлари, курсант ва тингловчилар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Таълим муассасалари вакиллари ўзаро мулоқот қилиб, халқаро алоқаларни янада ривожлантириш, долзарб йўналишларда тажриба алмашиш, ҳамкорликни изчил давом эттириш борасида фикр алмашдилар.
Айтиш жоизки, машғулотларга Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатлардан тажрибали профессор-ўқитувчиларнинг жалб қилинаётгани таълим сифатини ошириш билан бир қаторда, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
ИИВ академияси Ахборот хизмати






