Янги йил байрами арафасида Тошкент–Жанубий вокзали ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, сайёҳлар ҳамда йўловчилар учун яратилган шароитлар ҳолати кўздан кечирилди
2025-12-24 10:25:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзараҳимов Тошкент–Жанубий вокзалига ташриф буюриб, хизмат олиб бораётган ходимлар билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида ходимларнинг хизмат фаолияти билан яқиндан танишиб, уларга масъулиятли ва шарафли хизматларида улкан зафарлар тилаб кириб келаётган Янги йил байрами билан самимий қутлади, уларга соғлиқ-саломатлик, тинчлик ва хизмат фаолиятида юксак натижалар тилади.
Шунингдек вазир ўринбосари томонидан Янги йил байрами арафасида Тошкент–Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, сайёҳлар ҳамда йўловчилар учун яратилган шароитлар ҳолати кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш жараёнида вокзал ҳудудида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти, навбатчилик хизмати, замонавий техник воситалардан фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларнинг самарадорлиги ўрганилди. Айниқса, Янги йил байрами кунлари йўловчилар ва сайёҳлар оқимининг ортиши инобатга олиниб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида, сайёҳларга ҳамда фуқароларимизга қулай шароит яратиш, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш, жамоат тартибини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Текширув якунида масъулларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш, хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳамда сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
ИИВ Транспорт вa туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи





