Сурхондарёда “Янги йил” байрами тадбирларини юқори савияда ташкил этиш борасидаги ишлар ўрганилмоқда
2025-12-23 12:00:00 / Янгиликлар

Янги йил байрами муносабати билан ҳудудларда ўрнатилган “Президент арчаси” тадбирларини юқори даражада ташкил этиш, аҳолининг дам олиши, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш даврида жамоат тартибини сақлаш, турли фавқулодда ҳолатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш устувор вазифа ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Янги йил байрами ҳамда Президент арчаси тадбирларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2025 йил 7 декабрдаги 442-сонли фармойиши талаблари асосида шаҳар ва туманларда ўрнатилаётган “Президент арчаси” байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар атрофлича ўрганиб чиқилмоқда.
Мазкур жараёнлар Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Тимур Исмаилов ҳамда Ички ишлар вазирлигидан масъул этиб бириктирилган полковник Шуҳрат Сотволдиевлар раҳбарлигида Термиз туманида амалга оширилди. Ўрганиш ишлари давомида вилоятнинг асосий байрам тадбирлари ўтказиладиган Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида Янги йил байрами муносабати билан ўрнатилган “Президент арчаси” атрофидаги хавфсизлик ҳолатлари, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, болалар ва фуқаролар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, шунингдек, тадбирларни ташкил этишда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Президент арчаси” тадбирларини мазмунли, хавфсиз ва юксак савияда ўтказилиши болаларнинг қувончига қувонч қўшиб, улар қалбида Янги йил байрамининг унутилмас хотираларини қолдиришига хизмат қилади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати




