Сурхондарё вилоятида қиш мавсуми ва Янги йил байрами даврида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишлари ўрганилди
2025-12-22 12:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2025 йил 10 ноябрь кунидаги 416-сонли «Республикада об-ҳавонинг кескин пасайиши, ноқулай об-ҳаво шароити натижасида табиий газ, ичимлик суви ва энергетика соҳаларидаги узилишлар борасида эътирозлар ортиб бораётганлиги сабабли жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларда Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, ҳар хил кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов томонидан вилоят ҳудудида ёнғин хавфсизлиги, экологик муҳитни яхшилаш, қиш мавсумини беталафот ўтказиш, Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш, Янги йил арчаси ўрнатилган ҳудудларда хавфсизлик борасида амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.
Дастлаб, Термиз туманидаги «Янгиобод» маҳалласи «Янги Ўзбекистон» массивида ўрнатилган Янги йил арчаси олдида вилоят ҳокимлиги, барча ҳуқуқ-тартибот органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида тадбир ўтказилди. Шунингдек, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат бошлиқлари ҳамда шаҳар-туман студияларидан маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ҳамда тунги хизматга жалб этилган ходимларга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2025 йил 7 декабрь кунидаги 442-сонли фармойишига мувофиқ белгиланган вазифалар етказилди. Янги йил байрам тадбирлари даврида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан онлайн тарзда йўриқнома ўтказилди.
Ўрганишнинг кейинги манзили Термиз шаҳри «Каттабоғ» маҳалласи ҳудудида жойлашган «102» хизмати бўлди. У ерда тунги хизматга жалб этилган ходимларга йўриқнома ўтказилиб, хизмат учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Шунингдек, «Яшил дунё» савдо мажмуаси, «Бексарой» кўп қаватли уйлар ёнида ўрнатиладиган Янги йил арчаси ҳамда байрам тадбирлари ўтказиладиган ҳудудларда хавфсизлик чоралари кўздан кечирилди.
Шундан сўнг «Ўзбекистон» маҳалласида жойлашган «Сурхондарё вилоят иссиқлик таъминоти» МЧЖга қарашли РК–6 марказий қозонхонаси фаолияти билан танишилиб, унинг техник имкониятлари ўрганилди.
Бундан ташқари, «Алпомиш» маҳалласи ҳудудида жойлашган Алишер Навоий монументи ҳамда «Боғишамол» маҳалласидаги кўп қаватли уйлар олдида ўрнатилган Янги йил арчалари атрофида хизмат олиб бораётган ички ишлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хизмат фаолияти ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.
Ўрганишлар якунида Президентимизнинг ПҚ–1-сонли қарори ва ПФ–207-сонли Фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Айни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати







