Бухоро вилояти Қоракўл туманида вилоят ИИБ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди
2025-12-21 19:45:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 21 декабрь куни Қоракўл тумани «Маданият маркази» биносида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек вилоят ички ишлар органлари ходимларининг суд-ҳуқуқ ҳамда ички ишлар органларининг кундалик хизмат фаолияти билан боғлиқ масалалари юзасидан сайёр шахсий қабул ўтказилди.
Мазкур шахсий қабул фуқаролар билан очиқ ва бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг мурожаатларини жойида тинглаш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор ва қонуний ҳал этишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этди. Қабул жараёнида жами 10 га яқин мурожаатлар келиб тушиб, улар орасида суд-ҳуқуқ масалалари, хизмат фаолияти билан боғлиқ муаммолар, шунингдек ички ишлар органлари ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам ўрин олди.
Ҳар бир мурожаат бўйича бошқарма бошлиғи томонидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида батафсил тушунтиришлар берилди. Айрим мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш ва текширув талаб этиладиган масалалар юзасидан тегишли соҳа масъулларига аниқ вазифалар юклатилиб, уларнинг ижроси алоҳида назоратга олинди.
Таъкидлаш жоизки, бундай сайёр қабуллар аҳоли ва ички ишлар органлари ходимларининг муаммо ҳамда таклифларини ўз вақтида аниқлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, шунингдек ички ишлар органларига бўлган ишончни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









