Янги йил байрами арафасида Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳолати бўйича ўрганишлар ўтказилди
2025-12-21 18:25:00 / Янгиликлар

Янги йил байрами муносабати билан оммавий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари доимий назоратга олинган. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Бухоро вилоятига бириктирилган масъул — Туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари ҳамда вилоят ИИБ раҳбари томонидан қатор ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Дастлаб, Бухоро вилоятидаги “Тезкор бошқарув маркази”га ташриф амалга оширилиб, ҳудудларда ўрнатилган видеокузатув камералари орқали вазиятни онлайн мониторинг қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг куч ва воситаларини ўзаро ҳамкорликда ҳаракатлантириш тартиби, қидирувда бўлган шахслар ҳамда транспорт воситаларини аниқлаш ва ушлашдаги механизмлар муҳокама қилинди. Шунингдек, эҳтимолий фавқулодда ҳолатлар юзага келганда амалга оширилиши лозим бўлган тезкор чора-тадбирлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг, масъуллар томонидан байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган “Арк“ мажмуаси, “Фавворалар майдони“ ҳамда “Бухоро савдо мажмуаси“ ҳудудларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ушбу ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, қўриқлаш хизматини самарали ташкил этиш, фавқулодда ҳолатларни олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳолати кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, хизматга жалб этилган шахсий таркибга қўшимча йўриқномалар берилиб, кучайтирилган хизмат вақтида интизомга қатъий риоя қилиш, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш ҳамда ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан тезкор ва қонуний чора кўриш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур ўрганишлар аҳоли учун байрам кунларини тинч, хавфсиз ва хотиржам ўтказишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









