Ёшлар — келажак бунёдкори. Бизнинг фахримиз
2025-12-20 12:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24 ноябрь — 4 декабрь кунлари бўлиб ўтган Асосий фан олимпиадасининг Жиззах вилоят босқичида 15 та фан йўналишида салкам 30 минг нафар ўқувчи иштирок этди.
ИИВ Жиззах академик лицейининг 2-босқич ўқувчиси Давлат Эргашев ҳуқуқ фанидан фахрли биринчи ўринни эгаллаб, билим бобида тенгдошлари орасида тенгсиз эканини кўрсатди.
Бу Давлатнинг илк ютуғи эмас. У ўтган ўқув йилида ҳам айнан ҳуқуқ фани бўйича олимпиаданинг ҳудудий босқичида ғолиб бўлганди. Жорий йилда 86,5 балл тўплаб, ўтган йилги кўрсаткичини янада яхшилади.
Лицейимизда конституциявий ҳуқуқ, фуқаролик ва оила ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ, жиноят ҳуқуқи, давлат ва ҳуқуқ тарихи ва назария-си каби умумтаълим фанлари чуқурлаштирилган тарзда, замонавий педагогик технологиялардан фойдаланилган ҳолда ўтилади.
Бу нафақат ҳуқуқ амалиёти, балки қонун ижодкорлиги учун ҳам бошланғич пойдевор бўлиб хизмат қилади, — дейди ҳуқуқ фани ўқитувчиси Феруза Носирова.
Давлат ўз натижаларини академик лицейдаги таълим жараёни, устозлари билан боғлайди.
Ҳуқуқ, инглиз тили фанларини қунт билан ўрганяпман, — дейди у. — Яқинда инглиз тили бўйича миллий сертификат имтиҳонини топширдим.
Спорт билан шуғулланаман. Лицей ҳаёти ўз устимда ишлаш, бўлғуси касбий кўникмаларга эга бўлиш, ижобий фазилатларни шакллантиришга сабаб бўлмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Муқаддас Сапарова. Жиззах вилояти.
