Бухоро жамоалари волейбол бўйича икки йирик мусобақада ғалаба қозонди
2025-12-18 11:30:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳрида волейбол спорт тури бўйича қизлар ўртасида U-20 Ўзбекистон кубоги ҳамда ўғил болалар ўртасида U-21 Ўзбекистон чемпионати доирасидаги финал учрашувлари юқори савияда, кескин ва муросасиз баҳслар остида бўлиб ўтди.
Қизлар ўртасидаги U-20 Ўзбекистон кубоги мусобақасида Бухоро вилояти жамоаси барча учрашувларда ишончли ғалабаларга эришиб, финалда Хоразм вилояти жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва мусобақа ғолибига айланди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Бухоро вилояти, 2-ўринни Хоразм вилояти, 3-ўринни эса Жиззах вилояти жамоаси эгаллади.
Шунингдек, ўғил болалар ўртасида ўтказилган U-21 Ўзбекистон чемпионатида ҳам Бухоро вилояти жамоаси юксак маҳорат намоён этди. Ярим финалда Жиззах вилояти жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этган бухороликлар финал баҳсида Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси устидан ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритди. Чемпионат якунига кўра, 1-ўрин — Бухоро вилояти, 2-ўрин — Қорақалпоғистон Республикаси, 3-ўрин — Навоий вилояти жамоаларига насиб этди.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндор жамоалар вилоят ҳокими, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари томонидан медаллар, кубоклар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









