Қўлбола усулда пиротехника ясаб сотмоқчи бўлган шахс далилий ашёлари билан қўлга олинди
2025-12-17 09:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизим бўлинмалари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши қаратилган профилактик тадбирлар изчил олиб борилмоқда.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Янгийўл туманида қўлбола усулда тайёрланган пиротехника воситалари билан боғлиқ ҳолат аниқланди.
Хусусан, туманнинг «Пахта» маҳалласида яшовчи 2010 йилда туғилган фуқаро (У.А.)нинг яшаш хонадонида қўлбола усулда ясалган, турли ҳажм ва кўринишдаги 110 дона пиротехника воситаси мавжудлиги аниқланиб, белгиланган тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, мазкур воситалар мустақил равишда тайёрланган бўлиб, кейинчалик сотиш мақсад қилинган.
Шунингдек, Тошкент туманида ўтказилган рейд тадбирлари давомида «Gentra» русумли автомашина ҳайдовчисининг транспорт воситаси юкхонасида қаттиқ овоз чиқарувчи пиротехника воситаларини сақлаб келаётгани аниқланди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан тегишли тартибда қонуний чора кўрилиб, пиротехника воситалари мусодара қилинди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати






