Тошкент вилояти ички ишлар органлари Эксперт-криминалистика хизмати ходимлари учун навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди
2025-12-17 09:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти ички ишлар органлари Эксперт-криминалистика хизмати ходимлари учун «Ҳодиса жойини кўздан кечириш, тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирларида иштирок этиш мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази бошлиғи, полковник Саидолим Нуриддинов ҳамда вилоят ИИББ Эксперт-криминалистика маркази бошлиғи, подполковник Камолиддин Турсунбоев иштирок этиб, мавзу доирасида тушунтириш ва амалий тавсиялар бердилар.
Ўқув машғулотларида вилоятнинг 22 та туман ва шаҳарларидан жалб этилган эксперт-криминалистика ходимлари иштирок этди.
Семинар давомида масъул эксперт ва ИИВ Академияси ўқитувчилари томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш, ашёвий далилларни аниқлаш ва қадоқлаш, шунингдек тергов ҳамда тезкор-қидирув тадбирларида криминалистик техника ва воситалардан фойдаланиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Шунингдек, суд-фотографияси қоидалари, исботлов базасини шакллантириш, портлаш ва йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ воқеа жойларини кўздан кечириш, тинтув ва тергов тажрибаларини ўтказиш тартиблари бўйича назарий маълумотлар берилди.
Якунида ёш экспертлар томонидан берилган соҳавий саволларга атрофлича жавоблар берилиб, амалий кўникмалар мустаҳкамланди.
Тадбир ходимларининг касбий тайёргарлиги ва хизмат самарадорлигини янада оширишга хизмат қилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









