Фориш томонларда. Пурвиқор тоғлар диёри
2025-12-14 23:00:00 / Янгиликлар

Жиззах вилоятининг қарийб ярмини қамраб олган, табиати ва тарихи ўзига хос бўлган Фориш тумани 1935 йил 9 февралда ташкил этилган. 1962 йилда Нурота ва Жиззах туманлари таркибига қўшиб юборилган. 1964 йил қайта тикланиб, аввал Самарқанд, кейин Сирдарё ва 1974 йилдан буён Жиззах вилояти ҳудудига қўшилган. Майдони 9,53 минг км2 бўлган туман шимол ва шимоли-шарқдан Қозоғистон, шарқдан Шароф Рашидов, Зафаробод, Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, жанубдан Ғаллаорол, ғарбдан эса Қўшработ ва Нурота туманлари билан чегарадош. Ҳудудда 100 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Фориш тумани ИИБ фаолияти билан яқиндан танишарканмиз, вояга етмаганлар бўйича катта инспектор-психолог, лейтенант Тиловқобил Ашуров, вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Мухлиса Қорабекова, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, лейтенант Севара Эгамбердиева, маъмурий амалиёт гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Олмос Жавқонов, «Оқтом» МФЙ профилактика катта инспектори, капитан Ваҳоб Балҳиев зиммаларига юклатилган вазифаларни адо этиш билан бандлигига гувоҳ бўлдик.
«Яшил» тоифадаги «Мустақиллик» маҳалласи профилактика инспектори, капитан Сардор Эсиргапов МФЙ раиси Норилла Хидирбоев ҳамда еттиликнинг бошқа аъзолари билан ҳамкорликда ҳудуд хавфсизлигини таъминлаб келмоқда.
Маҳалламизда 3100 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди Н. Хидирбоев — 3 та умумий ўрта таълим мактаби ва 2 та мактабгача таълим ташкилоти ёшлар тарбиясига хизмат қилмоқда.
Аҳолининг асосий қисми узумчилик ва чорвачилик билан шуғулланади.
Туман ИИБда устоз-шогирд анъанаси давом этмоқда. Бу жараён ёш кадрларнинг касбий камолотига катта туртки беради. Тергов гуруҳи суриштирувчиси, лейтенант Мирзоҳид Маҳкамов шундай умидли ёшлардан бири. У устози — капитан Темур Ҳайитов ҳамда тажрибали ҳамкасбларининг амалий кўрсатмалари ва маслаҳатлари асосида ўз билим ва маҳоратини изчил равишда ошириб бормоқда.
Йил бошидан буён 50 дан ортиқ суриштирув ишини амалга оширгани эса ёш ходимнинг хизматга бўлган масъулиятли муносабати, фидойилиги ва меҳнатсеварлигидан дарак беради.
Бўлимнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи катта мутахассиси, капитан Элдер Нурқуловнинг таъкидлашича, йил бошидан буён 2 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниб, мамлакатимиз фуқаролари сафидан жой олди.
Бу эса давлатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг тақдирига эътибор билан ёндашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Шунингдек, 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан 16 ёшга тўлган бир гуруҳ ёшларга ID-карталарни тантанали топшириш тадбири ўтказилгани ҳам бу йилнинг ўзига хос аҳамиятли воқеаларидан бири бўлди.
Фидойи ходимлар ҳар доим осойишталик ва хавфсизлигимиз таянчи бўлиб келган. Айниқса, профилактика катта инспектори, майор Ойбек Уришов, вояга етмаганлар бўйича инспектор-психолог, капитан Умид Эштаев, катта тезкор вакил, майор Обид Нуруллаев, ВСХ бошлиғи, подполковник Ҳабибулла Нуруллаев, кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Шоҳжаҳон Саломов, мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Мафтуна Алиева каби ходимлар алоҳида эътирофга лойиқ.
Фориш тумани нафақат пурвиқор тоғлари, бетакрор манзаралари ва табиий бойликлари билан, балки сўнгги йилларда барча соҳаларда кузатилаётган улкан ўзгаришлари билан ҳам алоҳида ажралиб туради.
Энг муҳими, бу ривожланиш жараёнида туман ИИБ ходимларининг ўрни беқиёс. Уларнинг саъй-ҳаракати туфайли ҳудудда барқарорлик ҳукм сурмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Жиззах вилояти.
