Кун ва тун посбонлари. Хавфсизлик қалқони
2025-12-14 07:05:00 / Янгиликлар

Инсон цивилизациясининг тараққиёти билан бирга, хавфсизликка бўлган эҳтиёж ҳам пайдо бўлган. Шу тариқа, илк қўриқлаш хизмати милоддан аввалги даврлардаёқ қадимги Миср ва Бобилда шакллангани тарихдан маълум. Кейинчалик Афина ва Римда давлат қўриқчилари шаҳар дарвозалари, сарой ва омборларни қўриқлаш вазифасини бажарган. Замонавий илк қоровул хизмати эса ХВИИИ асрда Лондон шаҳрида йўлга қўйилган бўлиб, у тунда шаҳар мулки ва савдо нуқталарини назорат қилишга ихтисослашган эди.
Бугунги кунда мамлакатимизда объектлар хавфсизлигини таъминлаш борасида йўлга қўйилган тизимлар самара бермоқда. Хусусан, Андижон вилояти ИИБ Қўриқлаш бошқармаси фаолияти бунинг яққол исботидир.
— Давлат объектлари, ўта муҳим ва тоифаланган иншоотлар, шунингдек, фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг мол-мулки ишончли қўриқланмоқда, — дейди бошқарма Ахборот гуруҳи бош мутахассиси, капитан Муслимбек Эргашев. — Вилоятимиздаги бозорлар, савдо нуқталари, корхоналар, кўп қаватли уйлар, таълим муассасалари, ҳатто чойхоналар ва дорихоналарда ҳам бизнинг ходимлар куну тун хизматда. Бу нафақат мулк хавфсизлигини таъминлайди, балки ҳамюртларимизда ишонч туйғусини мустаҳкамлайди.
Ўтган йил якунига қадар 5037 та объект ва 2318 та хонадон қўриқлаш тизимига уланган бўлса, айни пайтда 8608 та объект ва 6449 та хонадон ишончли қўриққа олинган. Демак, ҳимоя қамрови мос равишда 60 ва 40 фоизга ошган. Бу эса аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тизимга бўлган ишончнинг ортаётганидан дарак беради.
Қўриқлаш хизмати фаолиятида замонавий техника ва инновацион ечимлар муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда бошқарма тасарруфида 392 та кузатув камераси, 420 та сигнализация тизими ҳамда 16 та мониторинг маркази мавжуд. GPS тизимлари, видеорегистраторлар ва бодикамералар ёрдамида реал вақтда назорат олиб борилади. Бу тизим фақат содир бўлган ҳодисага жавоб бериш эмас, балки унинг олдини олиш имконини ҳам яратади.
Ҳар қандай техник восита инсон ақл-заковатига таянади. Шу боис кадрлар малакасини ошириш ҳамма вақт муҳим аҳамият касб этган. Йил давомида 300 нафар ходим малакасини ошириб, янги технологиялар ва қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича билим олмоқда. Улар нафақат жисмоний тайёргарлик, балки ҳуқуқий саводхонлик бўйича ҳам мунтазам ўқитилади. Бу эса фаолият самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
— Қўриқлаш хизматидан фойдалана бошлаганимиздан буён кўнглимиз хотиржам, — дейди Андижон шаҳридаги «Vella Elegant Cafe» МЧЖ раҳбари Ҳаётбек Қозоқов. — Негаки, йиллар давомида мисқоллаб йиққан мулкимизни ҳар кимга ҳам ишониб бўлмайди. Бунинг учун кафолатли ва сифатли хизмат туригина бизни хотиржам қила олади. Қўриқлаш хизмати ходимлари масъулият ва жавобгарлик билан ишлайди, техник кузатув тизимлари эса тинимсиз фаолиятда. Бу мен учун ҳам, ишчилар учун ҳам катта ишончдир.
Саминжон ҲУСАНЗОДА, ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
