Бухоро шаҳрида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш чоралари ўрганилди
2025-12-14 06:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон қарори ижросини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлардан иборат вилоят “ишчи гуруҳи” томонидан Бухоро шаҳрида кенг қамровли ўрганишлар олиб борилди.
Ўрганиш жараёнида вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисмида бўлиб, ҳудуддаги тарихий обидалар, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа муҳим объектларнинг қиш мавсумида электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви каби коммунал хизматларда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда узилишларга тайёргарлигини кўздан кечирди.
Тадбир давомида, Бухоро тумани “Боғидашт” МФЙнинг шаҳарга ёндош ҳудудидаги ажратилган 40 гектар майдонда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон боғи” ҳам ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди. Мазкур “яшил ҳудуд” давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар, вилоятда яратилаётган кенг кўламли шаҳарсозлик ва ижтимоий инфратузилма ривожи жараёнида муҳим лойиҳалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди.
Ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар мутасаддилар иштирокида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этишга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Мазкур ўрганишлар ПҚ-1-сон қарорида белгиланган вазифаларни амалда рўёбга чиқариш, ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда қиш мавсумида аҳолига узлуксиз хизмат кўрсатишни таъминлашга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати






