Сурхондарё вилоятида хавфсизлик ва қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилмоқда
2025-12-13 11:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2025 йил 10-ноябрь кунидаги 416-сонли “Республикада об-ҳавонинг кескин пасайиши, ноқулай об-ҳаво шароити натижасида табиий газ, ичимлик суви ва энергетика соҳаларидаги узилишлар борасида эътирозлар ортиб бораётганлиги сабабли жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларда Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, ҳар хил кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов томонидан вилоят ҳудудларида фаолият олиб бораётган озиқ – овқат ва тижорат бозорларида, ёнғин хавфсизлиги, экологик муҳитни яхшилаш, қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва ободонлаштириш, Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш, Янги йил арчаси ўрнатилган ҳудудларда хавфсизлик борасида амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.
Ўрганишнинг навбатдаги манзили Денов ҳамда Шўрчи туманларида бўлиб, масъулларга газ ва электр таъминоти тизими ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар фаолияти, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, бозор ва савдо нуқталарида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши, иситиш тизимлари, газ ва электр жиҳозлардан фойдаланиш, газ ва кўмирдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш, экология ва атроф-муҳитга заҳарли ис газлари ва моддалар чиқишига йўл қўймаслик бўйича тегишли топшириқлар берилиб, тадбиркорлик субъектлари янги замонавий экологик технологияларга ўтиши зарурлиги уқтирилиб, бозор мутасаддиларига экология ва атроф муҳитни асраш юзасидан назоратни кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида, Президентимизнинг ПҚ–1-сонли қарор ва ПФ-207-сон Фармонлари ижроси ҳамда жорий йилнинг 20-ноябридан 20-декабрга қадар ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида амалга ошириладиган ишлар ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларига тегишли топшириқлар берилди.
Ҳозирда вилоятнинг барча ҳудудларида Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш, Янги йил арчаси ўрнатилган ҳудудларда хавфсизлик чоралари, аҳоли осойишталигини таъминлаш ва жиноятчиликни барвақт олдини олишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






