Бухоро вилоятида афв этилган фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, уларга амалий кўмак кўрсатилмоқда
2025-12-13 09:45:00 / Янгиликлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан давлатимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амалий ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 615 нафар шахс афв этилди. Улардан 21 нафари — Бухоро вилояти фуқаролари ҳисобланади.
Фармонда белгиланган топшириқлар ижроси доирасида, 12 декабр куни Бухоро вилояти ҳокими, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда манфаатдор ташкилотлар масъуллари афв этилган фуқаролар билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида ҳар бир фуқаро билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларнинг ҳолати, келгуси режаси, ижтимоий ҳаётга мослашиш имкониятлари ўрганилди.
Раҳбарлар томонидан афв этилган фуқароларга бундан буён халқимиз ва Президент ишончини оқлаш, жамоат тартиб-қоидаларига амал қилиш, соғлом ҳаёт тарзини йўлга қўйиш ҳамда жамият ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларда фаол иштирок этиш зарурлиги тушунтирилди.
Жазодан озод этилганлар қилган ишлари учун пушаймон эканликларини билдириб, кўрсатилган эътибор ва ишонч учун халқимиз ҳамда ҳукуматимизга миннатдорлик изҳор этдилар.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









