Аралаш жанг санъатлари (ММА) спорт тури бўйича катталар ўртасида Тошкент вилояти чемпионати бўлиб ўтди
2025-12-12 10:00:00 / Янгиликлар

Октагонда спортчи ёшлар ва ички ишлар органлари ходимлари 12 вазн тоифасида куч синашиб, маҳорат, бардош ва қатъиятларини синовдан ўтказдилар.
Ҳар бир вазн тоифасида иштирокчилар кучли рақобат намойиш этдилар. Жумладан, 54 кг вазн тоифасида Азиз Қодиров ва Абдулла Умиров ўртасидаги жанг юқори суръатда кечиб, Қодиров ишончли ғалабага эришди. 61,2 килограммда эса Муҳаммад Комилжонов ва Одилбек Қиёмов ўз маҳоратларини намойиш этиб, жанг Комилжонов фойдасига ҳал бўлди.
65,8 кг тоифасида Хожиакбар Пўлатов ва Мирсобит Муродов ўртасидаги учрашувда Муродов устунлик қозонди. 70 килограммда Азим Нишонов ва Тимур Абдуллаев ўртасидаги баҳсда Нишонов ғолиб бўлди.
Айниқса, 93 кг вазн тоифасида Ҳаёт Жўрабоев ва Синдор Баҳриддиновларнинг кескин ва муросасиз жанги томошабинларни ҳаяжонга солди.
Учрашув Жўрабоевнинг аниқ ва кучли зарбаси билан якунланди. Шу билан бирга, 97+ вазн тоифаларида ҳам юқори савиядаги жанглар кузатилди.
Ғолиб спортчилар ва совриндорларга Тошкент вилояти ИИББ масъуллари томонидан диплом, кубок ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Мазкур мусобақа келгусида ҳам давом эттирилиб, аралаш жанг санъатлари бўйича иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ушбу спорт турининг оммалашиб бораётгани, федерация фаолиятининг кучайтирилиши ҳамда унинг раҳбари этиб Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг сайланиши бу йўналишга давлат даражасидаги эътиборни яққол кўрсатади.
Ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга қизиқишни ошириш ҳамда ходимларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигини мустаҳкамлаш мақсадида Нурафшон шаҳрида аралаш жанг санъатлари бўйича Тошкент вилояти “ИИББ бошлиғининг кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати








