Экологик барқарорликни таъминлаш ишлари кучайтирилмоқда
2025-12-12 09:00:00 / Янгиликлар

Масъул ташкилотлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан вилоятнинг бир нечта туманларида иссиқхоналардаги қозонлар фильтрсиз ишлаётгани ва бу ҳолат атмосферага зарарли моддалар чиқарилишига сабаб бўлаётгани аниқланиб, ўрганишлар ташкил этилди.
Текширувлар давомида Тошкент туманидаги «Файзобод«, «Калас« ва «Хасанбой« маҳаллаларида жойлашган иссиқхоналар кўриб чиқилди. Аниқланган камчиликлар бўйича зарур чоралар кўрилди, ҳавони ифлослантириш омиллари бартараф этилди ва иссиқхона эгаларига МЖтКнинг тегишли моддалари асосида баённомалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, мутахассислар томонидан иссиқхона эгаларига экологик хавфсизлик талаблари, ёнилғидан тўғри фойдаланиш қоидалари, мажбурий фильтр қурилмаларининг стандартлари ҳамда чиқиндиларни белгиланган тартибда йўқ қилиш бўйича муҳим тушунтиришлар берилди.
Атроф-муҳитга зарар етказаётган омилларни аниқлаш, экологик назоратни кучайтириш ва атмосферани ифлосланишдан муҳофаза қилишга доир ҳамкорликдаги тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилмоқда.






