Тошкентда Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) делегацияси билан автоспортни ривожлантириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш бўйича учрашув ўтказилди
2025-12-11 09:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Тошкент шаҳрида FIA Бош ассамблеясида иштирок этиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро автомобиль федерацияси Президенти Муҳаммад бин Сулайм бошчилигидаги делегация билан Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов ҳамда мамлакатимизда спортни ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш ва транспорт соҳаси бўйича масъул раҳбарлар иштирокида учрашув ўтказилди.
Тадбирда FIA делегацияси таркибида ташкилотнинг мобиллик ва туризм бўйича Вице-президенти Тим Ширман ва FIAнинг барқарор ривожланиш масалалари бўйича Бош котиби Виллем Грёневальд, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича махсус вакили Одил Абдурахманов, Спорт вазири Адхам Икрамов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Автоспорт ва картинг миллий федерациясининг Бош котиби Алекс Цой ҳамда Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Транспорт вазирларининг ўринбосарлари қатнашдилар.
Учрашувда иштирокчилар томонидан автоспортнинг ривожланиши жамиятда техник саводхонлик, тезликка масъулиятли муносабат ва ҳаракатда интизомни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир давомида автоспорт соҳаси билан бир қаторда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги томонидан аҳоли хавфсизлиги, йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, пиёдалар муҳофазасини кучайтириш ва ҳаракат иштирокчиларининг маданиятини оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Томонлар, FIA билан ҳамкорликда Ўзбекистонда автоспортни ривожлантириш, FIAнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича илғор амалиётларини юртимиздаги ўқув марказларига жорий этиш, ёшлар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, таълим муассасаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини ўқитиш бўйича замонавий ечимлар, шунингдек халқаро тажрибалар асосида йўл инфратузилмасини такомиллаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида томонлар мамлакатимизда автоспортни ривожлантириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда аҳоли ўртасида йўл қоидаларига риоя этиш маданиятини оширишга қаратилган истиқболли вазифаларни белгилаб олдилар.






