Ҳалолликни шиор қилган ходимлар. Виждон қалъаси мустаҳкам бўлса...
2025-12-10 23:00:00 / Янгиликлар

Коррупцияга қарши курашиш ҳақида кўп гапирилади. Лекин баъзан биргина воқеа бутун тизимда қандай ўзгаришлар содир бўлаётганини бошқалардан кўра аниқроқ кўрсатади. Сўнгги икки ҳолат — айнан шундай кўзгу. Уларда ходимларнинг ҳалоллиги, хизмат бурчига садоқати ва жамиятга бўлган масъулияти яққол намоён бўлди.
Биринчи ҳолат. Тонгги йўлда бошланган синов.
Соат ҳали 07:05. Кўчалар «уйғониб» улгурмаган, бироқ вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бўлинмалари ЙПХ батальони 2-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори, сафдор Сарварбек Сотлиқов аллақачон хизматда эди. Тўхтатилган «Lacetti» автомашинаси ҳайдовчисидан спиртли ичимлик ҳиди анқиб турарди. Текширув натижаси ҳам буни тасдиқлади: ҳайдовчи 627 мг/л даражада маст. Бу — ўзи билан бирга бошқаларнинг ҳаётига ҳам хавф соладиган ҳолат. Дафъатан ҳайдовчи вазиятни енгиллаштириш учун инспекторга 10 миллион сўм узатмоқчи бўлди. Гўё қонунни пул билан алмаштириш мумкин дегандек... Аммо Сарварбек тўғри йўлни танлади. Рога бераётган пайтда ҳайдовчининг ўзи ушланди, барча иш расмийлаштирилди.
Бу воқеа шуни кўрсатдики, тизим ҳалоллик билан нафас ола бошлаган жойда порага имкон қолмайди.
Иккинчи ҳолат. Тошқин олдидан сукут.
Тўрткўл тумани... Сокин бошланган кун вилоят ИИВ М ва ФРБ МТБ инспектори, майор Умидбек Юсупов учун синовга айланди. Қурилиш билан шуғулланадиган фуқаро М.Тагандердиев майор ҳузурига келиб, 10 нафар хорижлик ишчиси маъмурий жавобгарликка тортилаётганини айтди. Бу қонуний жараён эди. Аммо фуқаронинг кейинги ҳаракати — қонуний йўлни пул билан ўзгартиришга уриниш эди. У майор Юсуповга 18 миллион сўмлик пора таклиф қилди. У шуни ўйлади: «Пул бўлса, муаммо бўлмайди». Лекин унутилган бир ҳақиқат бор: ҳалолликни пул билан сотиб олиб бўлмайди. Майор Юсупов ноқонуний таклифни рад этди.
Аслида рад этишнинг ўзи ҳам жасорат. Чунки пора — одамни бошқаларнинг кўзига кўринмайдиган жойда синайдиган душман. Фуқаро айнан пора узатмоқчи бўлган пайтда қўлга олинди, ҳолат расмийлаштирилди. Бу ҳам тизимдаги ҳалолликнинг яна бир намунаси.
Хулоса шуки, Сарварбекнинг тонгдаги қарори ҳам, Умидбекнинг сокин кун ичидаги қатъияти ҳам битта ҳақиқатни исботлайди: тизим ҳалол ходимлар туфайли мустаҳкамланади.
Пул билан ўзгартирилмайдиган қарорлар эса жамиятни коррупция аталмиш иллатдан тозалайди.
©️ “Postda” газетаси, Нилуфар Жабборова.
