Соҳавий хизматларда. Ҳушёрлик хавфсизликни таъминлайди
2025-12-07 18:15:00 / Янгиликлар

Тошкент халқаро аэропорти нафақат мамлакатнинг пойтахти билан халқаро ҳаво алоқасини таъминлайди, балки юртимиз иқтисодиёти ва туристик салоҳиятини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, Тошкент шаҳри аэропортлари 2025 йилнинг 10 ойи давомида 65939 та рейсни амалга оширган бўлиб, 8260452 нафар йўловчига хизмат кўрсатган. Шундан халқаро аэропорт орқали 25759 та рейсларда 3551065 нафар йўловчи кузатилди, 25668 та рейсда эса 3553250 нафар йўловчи келган.
Хавфсизлик чоралари аэропорт фаолиятининг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Йўловчилар, экипаж ва аэропорт ҳудудининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий назорат тизимлари жорий этилган, патруль хизматлари йўлга қўйилган ва бошқа чоралар кўрилган. Соҳавий хизмат ходимлари йўловчиларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эгадир.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Тошкент шаҳри аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ППХ отряди ходимлари томонидан 4883 нафар шахс билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ҳақида келиб тушган маълумотлар асосида улар навбатчилик қисмига топширилди. Уларнинг 1093 нафарига маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қонуний чоралар кўрилди. Шунингдек, жиноят содир этиб, қидирувда бўлган 6 нафар шахс қўлга олинган ва 1 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилган. Тошкент шаҳри аэропортларида олиб борилган «Тиғ» профилактик тадбири давомида 8 нафар фуқаро ёнидан ўткир тиғли жисм топилиб, маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳлар билан боғлиқ турли вазиятлар ҳам рўй бериб туради. Яқинда шундай ҳолатлардан бири Тошкент маҳаллий аэропортида юз берди.
Ўзбекистонга сайёҳ сифатида келган фаластинлик Халилия Зоаби исмли аёл хаёл билан ичида пули, қимматбаҳо буюмлари бўлган қўл сумкасини аэропортда унутиб қолдиради. Ҳудудда хизмат олиб бораётган Тошкент шаҳри аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ППХ отряди сафдор ходими Фаррух Олимов сумкани топиб олади.
Орадан тахминан бир соат ўтгач, хавотирланган ҳолда сайёҳ аэропортга қайтади ва сумкасини йўқотиб қўйганини маълум қилади. Ходимлар топилган сумкани қонуний тартибда эгасига топширишади.
Сайёҳ сумкани очиб кўрганида, ундаги 45 минг АҚШ доллари, бир дона уяли телефон аппарати, қимматбаҳо тақинчоқлари — жами тахминан 80 минг АҚШ доллари қийматидаги буюмларнинг ҳеч бири йўқолмаганини кўриб, бу ҳалолликдан таъсирланиб, кўзларига ёш келди.
Дарҳақиқат, ходимларнинг ҳушёрлиги ва ҳалоллиги нафақат йўловчилар хавфсизлигини таъминлайди, ҳуқуқбузарликларни бартараф этади, балки уларнинг фидойи хизмати орқали мамлакатимиз халқаро майдонда хавфсиз ва ишончли давлат сифатида эътироф этилишига ҳам алоҳида ҳисса қўшади. Ана шундай воқеалар орқали юртимизнинг обрўси ва нуфузи янада мустаҳкамланади.
©️ “Postda” газетаси, Адолат Файзиева.
