Сирдарё вилоятида хавфсизликни таъминлаш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди
2025-12-07 09:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳузурида шаҳар ва туманлар кесимида видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва профилактика ишларини кучайтириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.
Видеоселектор йиғилишида барча шаҳар ва туманларда профилактика инспекторлари иштирокида, Газ таъминоти тизими ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларидан иборат кичик ишчи гуруҳлар ташкил этилиши кўрсатиб ўтилди. Ушбу гуруҳлар фаолияти аҳолининг ҳаёти ҳамда мулки хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.
Ишчи гуруҳларга қуйидаги вазифалар юклатилди:
- қурилиш объектларида ишчиларнинг яшаш шароитларини жойига чиқиб ўрганиш;
- газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш хавфсизлигини ўрганиш;
- газ ва кўмирдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишларини кучайтириш;
- яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни тўлиқ рўйхатга олиш ва назоратни кучайтириш;
- спиртли ичимликка ружу қўйган ёки хавф гуруҳи остида турган оилаларни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кучайтирилган назоратга олиш;
- жиноятларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида мунтазам тунги рейдларни ташкил этиш;
- якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни алоҳида назоратга олиш.
Видеоселектор йиғилишида масъулларга доимо ҳушёрликни ошириш, ҳудудларда хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳамда аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ва мулки дахлсизлигини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Мазкур чора-тадбирлар вилоятда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва профилактика ишларини тизимли равишда кучайтиришга қаратилган амалий ҳаракатларнинг навбатдаги босқичидир.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






