Ички ишлар органларини такомиллаштиришга қаратилган Маслаҳатлашув кенгаши ўз фаолиятини бошлади
2025-12-07 02:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Жамоатчилик кенгаши аъзолари, соҳавий хизматлар масъуллари, ички ишлар органларида кўп йиллик тажрибага эга фахрийлар ҳамда Академиянинг профессор-ўқитувчилари иштирокида ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва тизимдаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга бағишланган Маслаҳатлашув кенгаши ўз ишини бошлади.
Тадбирда ички ишлар органларининг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, тизим фаолиятини такомиллаштириш масалалари ҳамда мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди, ички ишлар органлари фаолиятини самарадорлигини ошириш борасидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Ташкил этилган давра суҳбати ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурроқ ўрганиш, мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилди. Суҳбат давомида хизмат самарадорлигини ошириш, ходимларнинг кундалик фаолиятини янги босқичга кўтариш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ёндашувларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, тизим зиммасига юкланган вазифалар мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни таъминлашдек катта масъулиятни талаб этади. Шу боис ҳар бир ходимнинг билим ва касбий маҳоратини ошириш, хизмат интизомига риоя қилишни қатъий назорат қилиш, қонунчилик талабларини мукаммал ўзлаштириш ҳамда аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқот ўрнатиш бугуннинг асосий вазифалари сифатида белгиланган.
Ёш кадрлар билан ишлаш масаласи ҳам суҳбатнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Замонавий талабларга жавоб берадиган, етук ва малакали мутахассисларни тайёрлаш, уларда касбга садоқат ва масъулият ҳиссини шакллантириш, ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш — тизим ривожининг асосий омилларидан экани қайд этилди.
Давра суҳбатида билдирилган ҳар бир таклиф, ҳар бир мулоҳаза амалиётда ўз аксини топиши кутилмоқда. Фахрийлар тажрибаси, профессор-ўқитувчиларнинг илмий хулосалари, тажрибали раҳбар ходимларнинг амалий таклифлари тизимни янада ривожлантиришда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Тадбирда иштирок этган тажрибали фахрийлар ўзларининг йиллар давомида орттирган амалий тажрибалари билан ўртоқлашиб, ички ишлар органлари фаолиятини янада самарали тузилмага айлантириш бўйича қатор муҳим таклиф ва тавсияларни билдирдилар.
Тадбир якунида Маслаҳатлашув кенгаши мунтазам равишда ташкил этилиши белгиланди ҳамда бу каби очиқ мулоқот тизимдаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ва ички ишлар органларининг нуфузини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.






