Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Наманган туманида ўрганиш ишлари олиб борилди
2025-12-06 11:50:00 / Янгиликлар

Ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ички ишлар органлари ходимларининг устувор вазифаси ҳисобланади. Шу мақсадда уларнинг хизмат самарадорлигини ошириш йўлида тизимли амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бошқарма бошлиғи томонидан Наманган туманида туман ҳокими ва прокурори иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар дастлаб “Наврўз” маҳалласида бошланиб, унда профилактика инспекторининг хизмат фаолияти, шунингдек, мазкур ҳудудда содир этилган ўта оғир турдаги оила-турмуш доирасидаги жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Муҳокама давомида бу каби жиноятларнинг олдини олишда аҳоли билан мунтазам мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ўрганиб бориш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, туман ИИБ ходимларининг жорий йил давомида амалга оширган фаолияти, жумладан, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбирлари натижалари танқидий руҳда таҳлил қилиниб, ҳар бир соҳавий хизмат раҳбарига келгусидаги вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур ўрганишлар ҳудудларда хизмат самарадорлигини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш чораларини такомиллаштириш ҳамда маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






