ИИВ Академияси масъуллари томонидан Навоий вилоятининг криминоген вазияти оғир маҳаллалари манзилли ўрганилди
2025-12-06 11:45:00 / Янгиликлар

Таълим муассасаси вакиллари дастлаб Кармана туманидаги “Бешкент” ва “Арғун”, сўнгра Хатирчи туманидаги “Навбаҳор”, Томди туманидаги “Шарқ” маҳаллаларида бўлди. Маҳалла раиси бошчилигидаги еттилик аъзолари билан учрашувда жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Масъуллар мазкур ҳудудларда Президентимизнинг бу борадаги қарори, “йўл харита”ларда белгилаб олинган чора-тадбирлар ижроси билан танишди. Қарорга кўра олиб борилган дастлабки ўрганишлардан то шу кунгача маҳаллалар ҳудудида бир нечта “жиноят ўчоқ”лари аниқланган. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ушбу жойларда юзга яқин замонавий камера, 130 дан ортиқ ташвиш тугмаси ўрнатилиб, кўплаб объект техник қўриқловга олинган.
Мулоқот чоғида “еттилик” вакилларига жиноятчиликнинг сабаб ва шароитларини бартараф этиш, аҳолининг бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар билан мақсадли ишлаш, маиший-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек хавфсиз уй ва кўчаларни ташкил этиш, ҳудудларни камералаштириш, техник ва жисмоний қўриқловга олишни жадаллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати







