Минск шаҳрида суд-экспертизанинг янги технологиялари ва ДНК идентификацияси бўйича амалий ўқув машғулотлари ташкил этилди
2025-12-04 13:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24–28 ноябрь кунлари Беларусь Республикаси Суд экспертизалари давлат қўмитаси ҳамда Суд экспертизалари давлат қўмитаси ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш, хусусан суд экспертизасининг янги усуллари, инновацион ва истиқболли технологиялар билан танишиш, тажриба алмашиш ҳамда билим ва кўникмаларни ошириш” мавзусидаги ўқув курслари ўтказилди. Шунингдек, ташриф доирасида Минск шаҳридаги “Regula” компанияси фаолияти билан ҳам танишилди.
Ушбу ўқув курсларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази Генетик тадқиқотлар ва шахснинг геном ахборотини давлат рўйхатига олиш бўлими экспертлари ҳам иштирок этдилар.
Ташриф давомида иштирокчилар одам ДНКси ва шахсни идентификация қилиш лабораторияларида бўлиб, митохондриал ДНК таҳлили, Y-хромосома асосида текшириш усулида қўлланиладиган реагентлар, биологик материаллардан ДНК ажратишда фойдаланиладиган ускуна ва қурилмаларнинг ишлаш принциплари билан танишдилар.
Беларусь Республикаси Суд экспертизаси қўмитаси ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида олиб бориладиган таълим жараёнлари, замонавий ўқув дастурлари ва амалиётга йўналтирилган ўқув модуллари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази






