Бухоро вилоятида хавфсиз муҳитни таъминлаш йўлида кенг қамровли ўрганиш ишлари амалга оширилди
2025-12-04 13:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида ҳудудларнинг қиш мавсумига тайёргарлиги, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли ўрганишлар ўтказилди. Вилоят ҳокими бошчилигидаги “ишчи гуруҳи” таркибида вилоят прокурори, ИИБ бошлиғи, солиқ бошқармаси раҳбари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ташриф давомида дастлаб, Когон шаҳар “Савдо мажмуаси”да рақамлаштириш жараёнлари, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, Когон туманидаги “Сухор” маҳалласида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур йўналишларда жиноятчиликни эрта аниқлаш ва профилактик назоратни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Кейинги манзил, Пешку тумани ҳамда Вобкент “Марказий деҳқон бозори“ бўлиб, бу ерда бозор ҳудудларини рақамлаштириш, бозор ҳудудида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, сотувчилар томонидан нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларини бартараф этиш борасидаги масалалар батафсил муҳокама қилинди. Савдо тартиби устидан назоратни кучайтириш ва ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ташрифнинг сўнгги қисми Бухоро шаҳридаги “Ҳудудгаз Бухоро” филиалида давом этди. Бу ерда газ тармоқларига ноқонуний уланиб олиш, талон-торож, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавфли ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўриб чиқилди. Шунингдек, фавқулодда ҳолатларда тезкорлик билан жавоб бериш имкониятларини ошириш мақсадида, авария диспетчерлик хизмати ходимлари учун тўлиқ жиҳозланган 17 та янги “104 — газ авария хизмати” автомашинаси тантанали равишда топширилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









