Экологияни муҳофаза қилиш чоралари жадаллашмоқда
2025-12-03 08:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, ИИВ, Миллий Гвардия масъуллари томонидан Тошкент вилояти туманларида иссиқхоналардаги қозонларга фильтр ўрнатилмаганлиги натижасида атмосфера ҳавосини ифлослантираётганлиги ҳолатлари ўрганилди.
Ўрганишлар давомида Тошкент тумани Авлиё ота маҳалласида жойлашган «Deyli green МЧЖ»га тегишли иссиқхона, шунингдек туманнинг Рахборобод маҳалласидаги 2 гектар иссиқхонасининг қозонхоналарида ёқилғи учун белгиланмаган турдаги ёқилғи ишлатилиши ва иссиқхонада самарасиз қўлбола фильтр ускунаси ўрнатилганлиги аниқланди. Ҳар икки ҳолат бўйича ҳаво ифлосланиши омиллари бартараф этилиб, иссиқхона раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддалари билан баённома расмийлаштирилиши таъминланди.
Мутахассислар томонидан иссиқхона эгаларига экологияга зарарни олдини олишда ёнилғи ишлатиш талаблари, шунингдек ўрнатилиши лозим бўлган фильтр қурилмаларининг меъёрлари, чиқиндиларни белгиланган тартибда йўқ қилиш борасидаги зарурий тушунтиришлар берилди.
Атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган экологик омиллар бўйича мониторинг ва атмосфера ҳавосини ифлослантиришга қарши кураши бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилмоқда.






