Йўл бошида. Саёқ юрсанг...
2025-12-03 07:30:00 / Янгиликлар

Навоий вилояти ИИБ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт машғулотлари, психологик тренинглар ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, вояга етмаганларнинг кўчада бемақсад юрмаслиги, ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги юзасидан кўплаб тарғибот-назорат тадбирлари ва тунги рейдлар ўтказилади.
Дилшод (исмлари ўзгартирилди) сўнгги пайтларда ота-онаси билан тез-тез тортишадиган бўлиб қолди. Боши қотган ота-она буни ўсмирлик давридаги жиззакилик дея, унга бироз эркинлик беришга қарор қилишди. Аммо иш-ташвиш деб, назоратни бутунлай йўқотиб қўйганларини сезмай қолишди. Энди Дилшод уларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, хоҳласа мактабга дарсга борар, бирор бекорчи, бебош шерик топган куни эса кўча кезарди. Марказ ходимлари бозорда олиб борган назорат тадбири чоғида уни кўриб қолишди. Дилшод дарс машғулотларига қатнашиш ўрнига ўзига ўхшаган 2 нафар ўртоғи билан расталарни айланиб юрарди. Болаларни марказга олиб келиб, ота-оналарини чақиртиришди. Улар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, фарзандлари бир йил мобайнида инспектор-психологларнинг мониторинг назоратида бўлиши айтилди. Шунингдек, болаларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасига кўра жавобгарлик белгиланди.
Тўғри, болалар дарсдан қочганини ҳисобга олмаса, бошқа бирор тартиббузарлик содир этгани, бировга озор етказгани йўқ. Лекин бекорчилик уларни ҳуқуқбузарликка бошламайди ёки бирор кўнгилсизликка дучор қилмайди деб ким кафолат беради?! Ахир «Саёқ юрсанг, таёқ ейсан» деб бежизга айтишмаганку.
Шунингдек, марказнинг масъул ходимлари нотинч оилаларга бориб, болаларнинг яшаш шароитларини ўрганишади. Уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказиб, фарзандларини қаровсиз ва назоратсиз қолдирмаслик кераклигини тушунтириб, бу борада қонуний жавобгарлик мавжудлигини эслатишади.
Маҳлиё ХОЛОВА, ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
