Одам савдоси бўйича қидирувда бўлган аёл Туркиядан экстрадиция қилинди
2025-12-02 10:50:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Туркия Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида қидирув тадбирлари амалга оширилди.
Самарали ҳамкорлик натижасида 2021-йилдан бери одам савдоси билан шуғуллангани учун қидирувда бўлган аёл қўлга олинди ва Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Тергов ҳужжатларига кўра, ушбу аёл юқори маош ваъдаси билан қизларни алдаб Туркияга олиб борган, у ерда эса уларнинг фуқаролик паспортларини тортиб олиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.
1991 йилда туғилган ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган, олиб борилган тезкор чоралар натижасида унинг Истанбул шаҳрида яшириниб юрганлиги аниқланган.
Мазкур шахс Туркия ҳудудида қўлга олиниб, жорий йилнинг 18 ноябр куни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинди.
Икки давлатнинг Интерпол миллий марказий бюролари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган тезкор ҳаракатлар мазкур қўшма фаолиятнинг самарали амалга оширилишига хизмат қилди.
Жорий йилдан Ўзбекистонда одам савдоси учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилди. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бундай жиноят учун 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ҳурматли фуқаролар! «Хорижда иш бор, яхшигина даромад топасиз», дейдиган «ҳожатбарор»ларнинг ваъдаларига ишониб қолманг. Йўқса, ўзингиз билмаган ҳолда одам савдоси қурбонига айланиб қолишингиз мумкин.
