Бухоро вилояти ИИБ раҳбариятининг навбатдаги шахсий қабули бўлиб ўтди
2025-12-01 09:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган: «Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган пурмаъно фикр бугун амалиётда ўз исботини топмоқда.
Мазкур тамойил давлат органлари фаолиятида халқ билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйишнинг бош ғоясига айланган. Бугун раҳбарлар ҳам, аҳоли ҳам ушбу тизимнинг амалий натижаларини яққол ҳис этмоқда.
Дарҳақиқат, юртимизда инсон манфаатларини устувор қўйиш давлат сиёсатининг асосий йўналишига айланди. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича тобора такомиллашиб бораётган тизим одамлар дарди, талаби ва эҳтиёжига ўз вақтида эътибор қаратилишига хизмат қилмоқда.
Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар эса аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этишдаги энг самарали механизмлардан бирига айланди.
Шу мақсадда, жорий йилнинг — 30 ноябрь куни Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг навбатдаги шахсий қабули бўлиб ўтди.
Қабул давомида ўттиз нафарга яқин фуқаролар тергов-суриштирув, йўл ҳаракати хавфсизлиги, оила ва турмушдаги муаммоларни бартараф этиш, мол-мулк бўйича келиб чиққан низо, пул олди-берди масалалари ва ички ишлар органлари фаолиятига оид бошқа мавзуларда ўз мурожаатларини билдирдилар.
Мулоқот давомида кўтарилган масалаларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. Ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар эса алоҳида назоратга олиниб, тегишли масъулларга белгиланган тартибда ҳал этиш топшириғи берилди. Ушбу масалаларнинг ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатилди.
Аслида, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш тамойили туради.
Айнан шунинг натижасида кўплаб ижтимоий муаммолар ечим топмоқда, фуқароларнинг ҳаёт тарзида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда ҳамда жамиятда адолат ва ишонч муҳити мустаҳкамланмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









