Маҳаллалардан чегара постигача – Тошкент вилояти бўйлаб профилактик тадбирлар изчил давом этмоқда
2025-11-29 09:00:00 / Янгиликлар

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактика ойлиги доирасида Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар изчил давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ–2833-сон қарорида белгиланган вазифалар асосида ҳар ҳафта ўтказилаётган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» вилоятда амалий натижа бермоқда.
Бугунги профилактика тадбирларида вилоят ИИББ ва унинг қуйи тизимлари томонидан бир нечта йўналишларда изчил ишлар олиб борилди.
Пробация назоратидаги шахслар билан учрашувларда уларга қонунбузарликнинг оқибатлари, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этиш ҳамда жамият томонидан берилаётган имкониятни тўғри баҳолаш бўйича тушунтиришлар берилди. Меҳнатга жалб этилиш, ижтимоий мослашув ва ҳаётда фаол бўлишга оид тавсиялар ҳам етказилди.
Шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноят содир этган, пробация рўйхатида турган шахслар билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилиб, уларга қайта жиноят содир этмаслик бўйича расмий огоҳлантиришлар берилди ва ҳуқуқий саволларига жавоб берилди.
Маҳаллалар миқёсида оила ва ижтимоий муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Ажрим ёқасидаги оилалар, ҳимоя ордери асосида кузатувдаги шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар билан ўтказилган суҳбатларда оилавий тотувликни мустаҳкамлаш ва низоларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Профилактика куни давомида жиноятчиликка мойил шахслар билан, шунингдек чегара пости ҳудудида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.
Масъул ходимлар томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик оқибатлари ва ёшлар ўртасида ҳуқуқий онгни оширишга қаратилган мулоқотлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир инфратузилма тадбирлари давом эттирилиб, пиёдалар ҳаракати тиғиз бўлган ҳудудларда янги йўлаклар чизилди ва замонавий йўл белгилари ўрнатилди.
Бу чора-тадбирлар аҳолининг кундалик ҳаракати, болалар ва кексаларнинг хавфсиз юришини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мазкур ташаббуслар жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва вилоятдаги ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мунтазам олиб борилаётган профилактика ишлари эса ҳуқуқбузарликларни камайтиришда муҳим омил бўлиб қолмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









