ИИВ ишчи гуруҳи томонидан ПФ-207-сон Фармон ижроси доирасида Бухорода профилактика инспекторлари учун гиёҳвандликка қарши кенг қамровли ўқув-амалий машғулотлар ташкил этилди
2025-11-28 11:40:00 / Янгиликлар

Мазкур ўқув жараёни Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар асосида ташкил этилиб, унда вилоятнинг барча профилактика инспекторлари қамраб олинди.
Машғулотларнинг асосий мақсади, маҳалла ҳудудларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш механизмларини мустаҳкамлаш, ноқонуний фаолият юритувчи нарколабораторияларни, қўлбола усулда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрловчи ёки қадоқловчи яширин цехларни аниқлаш кўникмаларини ошириш, шунингдек гиёҳванд моддалар савдосининг замонавий усулларига қарши самарали чораларни ўргатишдан иборат бўлди. Шунингдек, фармонда белгиланган қатъий талаблар ва янги жавобгарлик чораларини амалиётга тўлиқ татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув жараёни давомида, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларнинг янги кўринишлари, интернет тармоқлари орқали наркотик савдоси ва «курьерлик» тизимига қарши курашиш бўйича тактик ёндашувлар, яширин лабораторияларни аниқлашга оид техник белгилар, маҳалла аҳолиси билан мулоқотни самарали йўлга қўйиш, тезкор ахборот тўплаш ва таҳлил қилиш тартиблари ўргатилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳамкор ташкилотлар билан ишлаш механизмлари, прекурсорлар айланмаси устидан назорат юритиш тартиби, ёшлар ўртасида профилактик-маърифий фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Тадбирнинг амалий қисмида профилактика инспекторлари реал шароитда яширин лаборатория жойлашган бўлиши мумкин бўлган объектларни аниқлаш алгоритмлари, шубҳали ҳолатлар бўйича хабардор қилувчи белгилар, шунингдек аниқланган жиноятлар юзасидан тезкор гуруҳларни жалб қилиш тартиби бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлади.
Эътироф этиш жоизки, мазкур ўқув-амалий машғулотлар профилактика инспекторларининг гиёҳвандликка оид жиноятларни эрта аниқлаш бўйича амалий малакасини ошириш, маҳаллаларда тезкор-профилактика ишларини кучайтириш, аҳоли билан ҳамкорликда хавф омилларини бартараф этиш ва фармон талабларининг пухта ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида ходимларга тегишли услубий тавсиялар берилиб, профилактика инспекторлари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









