Фарғона вилоят ИИБда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш мавзусида йиғилиш ўтказилди
2025-11-27 13:35:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, генерал-майор Даврон Назармухамедов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари, ҳудудий бўлимлар ва соҳавий хизматлар раҳбарлари иштирок этди.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, соҳа ходимлари орасида хизмат бурчи ва вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндашиш, коррупция, муомала маданиятига амал қилмаслик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатлар учраётганини афсус билан тилга олди.
Шахсий таркиб орасида соғлом муҳитни шакллантириш, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, ёш ходимларни тарбиялаш, фаолиятида камчиликлар кузатилаётган соҳа вакиллари устидан назоратни кучайтириш чораларини кўришга оид тавсиялар билдирилди.
Шу билан бирга, намунали фаолият юритаётган, коррупцион омилларни бартараф этишда ташаббус кўрсатиб, пора таклиф қилган шахслар ҳақида хабар берган ходимларнинг касбга садоқати эътироф этилиб, миннатдорчилик билдирилди. Масалан, жорий йилнинг ўтган ўн ой давомида Фарғона вилоятида 10 та ҳолатда ходимларга пора таклиф қилган шахслар аниқланиб, тегишли тартибда чора кўрилган.
Бироқ вилоят ички ишлар органлари сафида хизмат қилаётган ходимлар орасида ўз вазифасига панжа ортидан қараб, қонунлар ва касб этикасига зид хатти-ҳаракатларга қўл ураётганлар борлиги ҳам қайд этилди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида соҳа вакилларининг 704 нафарига интизомий чоралар кўрилган. Бу рақамлар хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишининг олдини олиш чораларини кучайтириш, коррупцион омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар, тезкор ва профилактик тадбирларни кучайтиришни тақозо этади.
Йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов ҳамда тегишли мутасадди раҳбарлар ҳам сўзга чиқди. Ўтказилган муҳокамаларда интизомий кенгашлар фаолиятини жонлантириш, аҳоли эътирозига сабаб бўлувчи омилларни бартараф қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Якунда эса хизмат самарадорлигини янада ошириш, ходимларнинг билим ва малакасини мустаҳкамлаш, хизмат интизоми ва қонунийликка итоат этиш, мутасадди раҳбарлар ўртасида жавобгарлик ҳисси ва шахсий масъулиятни янада кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.




