Атроф-муҳитга таъсир кўрсатаётган омиллар бўйича экологик мониторинг ишлари давом эттирилмоқда
2025-11-27 11:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, ИИВ, Миллий Гвардия масъуллари томонидан иссиқхоналардаги қозонларга фильтр ўрнатилмаганлиги натижасида атмосфера ҳавосини ифлослантираётганлиги ҳолатлари ўрганилди.
Ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан Чиғатой, Кенсой, Қирариқ, Кўксарой ва Шамсиобод маҳаллаларидаги 32 та иссиқхоналар текширилди. Кўмир ёқилғисида иситилаётган 10 та иссиқхонада ҳаво тозалаш учун мўлжалланган фильтр қурилмалари йўқлиги ва яна 3 тасида чиқиндиларни ёқиш ҳолатлари аниқланди. Ҳудудий экология бўлинмалари томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, 10 та иссиқхонанинг фаолиятини тўхтатиш чоралари кўрилди.
Мутахассислар томонидан кўмир ёқиш вақтида ўрнатилиши зарур бўлган фильтр қурилмаларининг меъёрий талаблари, чиқиндиларни белгиланган тартибда йўқ қилиш борасидаги зарурий тушунтиришлар берилди.
Атроф-муҳитга таъсир кўрсатаётган экологик омиллар бўйича мониторинг ва атмосфера ҳавосини ифлослантиришга қарши кураши бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилмоқда.






