«Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги». APK файлларни асло очманг!
2025-11-26 23:00:00 / Янгиликлар

«Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги» доирасида таъсирчан тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида Фарғона вилоятида 18 та ҳамкор ташкилот ходимларидан иборат ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Ишчи гуруҳ вилоят ИИБ қошидаги киберхавфсизлик лабораториясида мунтазам фаолият олиб бормоқда. Ойликнинг ўтган даврида ишчи гуруҳ томонидан корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар ва аҳоли гавжум жойларда 1000 дан зиёд тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Фуқароларни огоҳликка чорловчи 200 минг нусха эслатма буклет ва флаерлар тарқатилди. Бозорлар, савдо мажмуалари, корхона ташкилотларнинг кириш жойларига мавзуга оид баннер ва плакатлар илинди. Тарғибот ишлари таъсирчанлигини янада ошириш мақсадида ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиляпти.
Ҳозир учраётган киберҳужумларнинг аксарияти айнан APK файллари билан боғлиқ. Шундай файлларни билмасдан очиб қўйиб, ҳалол меҳнат билан йиққан пулидан айрилиб қолаётган фуқаролар бизга жуда кўп мурожаат қилишяпти, — дейди вилоят ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, капитан Облоберган Ёқубов.
Кибержиноятчилар одамларни қизиқтириш учун файл остига турли жимжимадор сўзларни ёзиб қўйишади. Масалан, «Суратдаги сизмисиз?», «Суддан чақирув қоғози», «Бу видеода сиз қатнашганмисиз?», «Видеода сен эканингни кўриб айт», «МИБ маълумотлари» ва шунга ўхшаш тэг-сўзлар ёзиб, файлни очишга беихтиёр мажбур қилишади.
Бундан ташқари, «Тез пул ишланг», «Сиз ютдингиз», «Давлатдан ёрдам» деган сохта ҳаволаларга ҳам мутлақо ишонмаслик зарур. Одамлар эса гоҳида билиб, гоҳида қизиқиб, гоҳида билмасдан бундай файлларни очади. Оқибатда киберҳужумга учрайди. Жиноятчилар унинг номига очилган пластик карталардаги маблағни бир зумда ечиб олишади. Шу боис қаерда фуқаролар билан учрашувлар ўтказсак, «APK файлларни очманглар, пулингиздан айриласиз», деб такрор-такрор эслатишдан чарчаганимиз йўқ.
Шу мазмунда кўп минглаб нусхада флаер ва буклетлар чиқариб, аҳолига тарқатдик. Аммо биз қанчалар ҳаракат қилмайлик, қачонки фуқаролар ҳушёр, огоҳ бўлсагина, бундай жиноятларнинг олдини олиш мумкин.
Кибержиноятлар нафақат пул маблағларига, ҳатто инсоннинг шаъни, қадр-қимматига ҳам қаратилиб, оилаларнинг бузилишига, ажримларнинг кўпайишига сабаб бўляпти.
Олтиариқ туманида бўлиб ўтган воқеалар кибержиноятларнинг тури ва шакллари кўплигига яна бир далилдир. Мазкур туманда ижтимоий тармоқ орқали «Пулингизни кўпайтириб берамиз!» деган ёлғон таклифларга ишонганлар сони бир неча юзлаб кишига бориб етган экан.
Бу сохта чорловни ўйлаб топганлар турли қуруқ ваъдаларни бериб, пул маблағини тикканларга дастлаб фойда сифатида бонуслар ажратиб турган. Бонус олган кишилар эса баттар қизиқиб, ўз яқинларини ҳам бу онлайн ўйинга таклиф қилишган.
Шу алфозда ўйин оммалашиб кетган. Айрим содда кишилар тўй қиламан, машина оламан деб йил бўйи йиғиб-терган пулларини икки ҳиссага кўпайтириб олиш илинжида шу нотаниш ўйин ташкилотчиларига қўш-қўллаб топшириб юборган. Аслида бу молиявий пирамиданинг ортида устомон кибержиноятчилар турган эди.
Пул тикканлар сони бир неча юзлаб кишига, маблағ миллиардлаб сўмга бориб етганида, улар эртакдаги сеҳрли девлардек бирдан ғойиб бўлишади.
На телефон рақамлари, на телеграмдаги профилларидан асар ҳам қолмайди. Кейин алданганини билган фуқаролар ёрдам сўраб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишди.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
