Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти туманларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда
2025-11-26 10:00:00 / Янгиликлар

Масъуллар томонидан амалга оширилган ўрганишлар давомида иссиқхоналар қозонларида махсус чанг-газ тозалаш фильтр мосламаларининг ўрнатилмаганлиги, шунингдек, мавжуд фильтрларнинг самарадорлик даражаси белгиланган меъёрларга жавоб бермаслиги сабабли, атмосферага зарарли моддалар чиқиб кетаётгани аниқланди. Бу ҳолат ўз навбатида Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланишига ҳамда иссиқхоналардан чиқаётган тутунлар ва заҳарли газлар экологик ҳолатни ёмонлашишига олиб келади.
Бундан ташқари, иссиқхона ҳудудлари дрон технологияси ёрдамида кузатилиб, айрим иссиқхоналарда экологик меъёрлар бузилганлиги тўғрисида ишончли далиллар тўпланди.
Мутахассислар томонидан олинган натижаларга асосланиб, иссиқхона эгаларига огоҳлантиришлар берилди. Улар билан экологик меъёрларга риоя этиш ҳамда махсус фильтр мосламаларини ўрнатиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича 8 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар шаҳар аҳолиси учун тоза ва соғлом атроф-муҳит яратиш учун хизмат қилади.Тошкент вилоятидаги экологик вазиятни яхшилаш ва ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш бўйича ўрганиш ва текширувлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилади.









