Наманганда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик акция доирасида давра суҳбати ўтказилди
2025-11-26 10:00:00 / Янгиликлар

Давра суҳбатида вилоят ҳокимлиги ва Наманган вилояти ИИБ масъул ходимлари сўзга чиқиб, бугунги кунда рақамли маконда аёллар ва қизларга нисбатан содир этилаётган зўравонликнинг турли кўринишлари ва унинг ижтимоий-психологик оқибатлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, виртуал маконда содир бўлаётган тазйиқлар, таҳдидлар, шахсий маълумотларни рухсатсиз тарқатиш ҳамда киберҳужумлар ёки киберзўравонлик ҳолатлари жамият учун жиддий муаммодир.
Бундай хатти-ҳаракатлар аёлларнинг руҳий ҳолатига таъсир этиши, ижтимоий ҳаётдан чекинишига ёки ўзини заиф ҳис қилишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, аёллар ва қизлар ўз ҳуқуқларини билиши, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиши ҳамда зарур ҳолларда давлат органларига мурожаат қилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида видеоролик намойиш этилиб, иштирокчиларга рақамли зўравонликнинг олдини олиш бўйича фойдали тавсиялар берилди.
Учрашув якунида аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига қарши курашиш бўйича келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






