Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти туманларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда
2025-11-25 19:50:00 / Янгиликлар

Масъуллар томонидан Тошкент туманидаги иссиқхоналар қозонларига филтр ўрнатилмаганлиги натижасида атмосфера ҳавосини ифлослантираётганлиги ўрганилди.
Айрим иссиқхоналарнинг қозонларига филтрлар умуман ўрнатилмаган бўлса айрим ҳолларда меъёридан кўп кўмир ёқилиши оқибатида филтрлар яроқсиз ҳолга келган ва табиатга зарарли тутунни ўтказиб юбормоқда. Бу тутунлар эса шамол йўналиши бўйлаб тўғри Тошкент шаҳри томон ҳаракатланяпти.
Ҳар бир иссиқхона эгасидан Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш бошқармаси инспекторлари томонидан кафолат хатлари олинган. Унга кўра иссиқхона қозонига 99,5 фоиз самарадорликка эга чанг газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши керак, бироқ аксарият филтрлар бу талабга жавоб бермайди.
Чиқиндиларни йўқ қилиш тартиби ва бошқа муҳим ҳолатлар бўйича ҳам мутахассислар томонидан иссиқхона эгаларига тушунтириш берилди. Ноқонуний фаолият олиб борган айрим тадбиркорлар эса электр энергияси таъминотидан вақтинча узилди.
Ўрганиш ишлари дронлар ёрдамида ҳам олиб борилмоқда. Тошкент туманидаги Иссиқхона қозонига 99,5 фоиз самарадорликка эга филтр ўрнатмаган, мавжуд чанг-газ тозалаш ускуналари талабга жавоб бермайдиган, меъёридан кўп миқдорда кўмир ишлатаётган Қушқўнди, Хасанбой, Хасанбой гузари, Юнусобод, Ўзгариш маҳаллаларида аниқланган 8 та ҳолатда 6 та иссиқхона фаолияти тўхтатилди.
Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш атмосфера ҳавосини ифлослантиришга қарши курашиш бўйича кенг кўламли тадбирлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилади.






