Халқаро форум. Жиноятчиликка қарши глобал курашишда ҳамкорлик
2025-11-24 23:00:00 / Янгиликлар

Икки кунлик анжуман доирасида иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги маҳалла еттилиги иш фаолияти, ИИВнинг хавфсиз туризмни таъминлаш ҳамда кибержиноятларга қарши курашиш бўлинмалари хизмат жараёнлари билан таништирилди.
Мазкур форум дунё бўйлаб жиноятчиликнинг ўсиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда жуда аҳамиятли ва фойдали бўлди. Ўзбекистонда жиноятчиликнинг олдини олиш модели ҳақида гап кетганда, мен доим Ўзбекистоннинг профилактик криминалистика, жиноятларнинг олдини олиш ва уларнинг сабабларини бартараф этиш тизими жуда юқори поғонада турганлигини таъкидлайман. Чунки Ўзбекистон жиноятчиликнинг олдини олишда ўзига хос, ноёб маҳалла тизимидан фойдаланади. Бу тизим дунёнинг энг яхши моделларидан бири ҳисобланади, унда фақат давлат органларигина эмас, балки фуқаролар ҳам жиноятларнинг олдини олишда фаол иштирок этишади, — дея эътироф этди БМТнинг Жиноят ва наркотиклар бўйича Марказий Осиё минтақавий бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Флорез Саломе Сиерра Франзони.
Форумда қатор давлатлар полиция ва тадқиқот тузилмалари билан ҳамкорликни тубдан кучайтиришга қаратилган ҳужжатлар хусусан, Венгрия, Ҳиндистон, Россия, Қатар, Туркия, Хитой, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаси полиция идоралари ва криминология соҳасидаги тадқиқот ташкилотлари билан халқаро ҳамкорлик протоколлари имзоланди. Экспертларни ўқитиш, илмий-тадқиқот дастурлари ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Анжуман доирасида TIKA билан грант ва техник кўмак бўйича ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилди. Алоҳида учрашувларда Туркия томонидан Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини жалб қилиш, институт инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий криминологик лаборатория ва таҳлил технологияларини жорий этиш, қўшма ўқув дастурлари ва семинарларни молиялаштириш юзасидан келишувлар муҳокама қилинди.
Ушбу анжуман ҳамкорликдаги фаолиятимизни янада жонлантиришда катта аҳамиятга эга. Криминология соҳасида халқаро ҳамкорлик зарур. Бугунги кунда бу борада жуда кўплаб тадқиқотлар мавжуд, айниқса киберхавфсизлик соҳасида.
Шунинг учун халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ортмоқда. Биз бу ташаббуснинг амалга оширилаётганидан мамнунмиз, — дея таъкидлади Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) ваколатхонаси бошлиғи Есин Ажар Эргин.
Анжуман доирасида Россия Федерацияси ИИВнинг Бутунроссия илмий-тадқиқот институти, Урал давлат юридик университети, Венгриянинг «Лудовика» Давлат хизмати университети ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар факультети, Туркия Миллий полиция академияси билан икки томонлама халқаро ҳамкорлик ўрнатиш борасида меморандум имзоланди.
Биз Ўзбекистон Криминология тадқиқот институти билан ҳамкорликда фаолият олиб борамиз. Бу соҳани янада ривожлантиришни режалаштирганмиз. Биз энг яхши халқаро тажрибаларни ўрганиб, амалиётга татбиқ этамиз. Менинг фикримча, Ўзбекистонда криминология соҳасида назария жуда юқори даражада ривожланган. Амалиёт ҳам муҳим. Бу йўналишда биргаликда ишлаймиз. Агар қандайдир муаммолар юзага келса, уни бартараф қилиб, келгусида ҳамкорликни давом эттирамиз.
Соҳада ижтимоий тадқиқотларни амалга оширамиз, унга ҳамкасблар, мутахассислар ва талабаларни жалб қиламиз, — дейди «Лудовика» Давлат хизмати университети ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар факультети проректори Габор Ковач.
Анжуманда қайд этилдики, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни тадқиқ қилишда Ҳиндистон, Венгрия, Хитой, Беларусь, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси полициялари ҳамда тадқиқот ташкилотлари билан қўшма лойиҳалар ишга туширилиб, илгари суриладиган ташаббуслар келгусида криминологик тадқиқотларнинг илмий ва амалий самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Форум доирасида 10 дан ортиқ давлатларнинг полиция идоралари, криминология соҳасидаги тадқиқот ташкилотлари билан халқаро ҳамкорлик ўрнатилди. Шунингдек, Қатар билан ходимлар тажриба алмашинуви, жиноятчиликни биргаликда тадқиқ қилиш бўйича қўшма лойиҳалар ишга тушириш масаласи кўриб чиқилди.
Мазкур форум жиноятчиликка қарши глобал миқёсда курашишда халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Форум илмий амалиёт, эксперт тажрибаси ва ўзаро ҳамкорликнинг бирлашган платформаси сифатида юксак баҳоланди.
©️ “Postda” газетаси, Умида Мамадалиева, Самарқанд вилояти.
