Наманган тумани ҳудудида аҳоли осойишталигини таъминлаш йўлида хизмат олиб бораётган ходимларнинг фаолияти ўрганилди
2025-11-23 19:10:00 / Янгиликлар

Аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида тунги хизмат фаолияти мунтазам равишда ўрганилмоқда. Ушбу жараёнларда ходимларнинг масъулияти, хизмат интизоми ҳамда ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар таҳлил қилиниб, кейинги вазифалар белгилаб берилмоқда.
Шу доирада Наманган туманида ўтказилган навбатдаги ўрганиш жараёнларида дастлаб «Шамсикўл», «Шўрқўрғон», «Кўлбўйи», «Оқер», «Кайковус», «Қўрғонча», «Қурама», «Эшобод», «Қумқўрғон» ва «Ғайрат» маҳаллаларида хизмат олиб бораётган тунги нарядлар билан йўриқнома ўтказилди. Унда ходимларга хизматни намунали ташкил этиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Ўрганиш давомида шунингдек, «Қурама» маҳалласи профилактика инспекторларининг фаолияти ва жамоат жойлари ҳам кўздан кечирилиб, уларга маҳаллаларда ПҚ-1 ва ПҚ-253-сон қарорлар доирасида манзилли ишларни йўлга қўйиш, ёшларни бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ижобий ҳал этиш бўйича вазифалар юклатилди. Аҳоли билан мунтазам мулоқотни кучайтириш, муаммоларни жойида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида тумандаги 1-сонли мактабнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси, иситиш тизимларининг техник ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Таълим муассасасида ўқувчиларга яратилган шароитлар билан танишилиб, масъул раҳбар ҳамда ходимларга мавсумни беталафот ўтказиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш ва мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Наманган тумани ҳудудида амалга оширилаётган мазкур ўрганишлар хизмат фаолиятининг самарадорлигини ошириш, жиноятчиликка қарши курашишни кучайтириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати








