Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Белорусия Республикаси Тергов қўмитаси ўртасида Ахборот алмашиш ва ўзаро ёрдам масалалари бўйича англашув меморандуми имзоланди
2025-11-20 22:00:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида 3 та катта тадбирлар ташкиллаштирилди.
Хусусан ташрифнинг илк кунида Белорусия Республикаси Тергов қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида Ахборот алмашиш ва ўзаро ёрдам масалалари бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида иштирокчилар ўз ваколатига оид Миллий қонунлар ва ўз давлатларининг халқаро мажбуриятларига мувофиқ ҳаракат қилиб, ахборот технологиялари соҳасидаги ва бошқа турдаги жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш мақсадида ҳамкорлик қилиши белгиланди.
12-ноябр куни Ташриф дастурига мувофиқ, делегация аъзолари Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Белорусия Республикаси Тергов қўмитаси раиси, Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари иштирокида ишчи учрашув ўтказилди.
Учрашувда жиноятчиликка қарши курашиш, тергов ишларини такомиллаштириш, илм-фан ва техника ютуқларини, шунингдек, дастлабки терговни ташкил этишнинг илғор шакллари ва усулларини амалиётга жорий этиш мақсадида Беларус Республикаси Тергов қўмитаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикалари Ички ишлар вазирликлари ҳамдўстликка аъзо давлатлар ҳудудида аниқ жиноят ишлари бўйича қўшма тергов-оператив гуруҳларини тузиш амалиётини кенгайтириш ҳамда ўзаро боғлиқ жиноятларни тергов қилишда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш ҳақида Баёнот қабул қилинди.
Ташрифнинг сўнгги кунида “Кибержиноятчиликка қарши курашиш контекстида миллий хавфсизлик тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияда делегация аъзолари иштирок этишдилар.
Шунингдек Белорусия Республикаси Тергов қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ ўртасида тузилган меморандум ҳамда Россия Федерацияси, Белорусия, Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикалари делегациялари аъзолари иштирокида имзоланган баёнот асосида белгиланган чора-тадбирлар ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши белгилаб олинди.









