Юксак мукофот соҳиблари. Ота-она дуосин олиб
2025-11-19 21:00:00 / Янгиликлар

Лавҳамиз қаҳрамони Олтиариқ туманининг Оқбўйра қишлоғида вояга етган. У болалигидан ички ишлар органлари ходими бўлишни орзу қилиб улғайди. Қишлоқдаги ўрта мактабда ёшларга немис тили фанидан сабоқ берадиган волидаси Дилоромхон Жўрабоева ўғлига ҳамиша тўғри йўл кўрсатиб, мақсадлари сари дадил ҳаракат қилишга мотивация берарди.
Баҳодир ёшлигидаёқ детектив фильмларни томоша қилганида жиноятчиларнинг ортидан қувлаб, уларни моҳирона қўлга олган тезкор ходимларга ўхшашни ният қилган. 2005-2009 йилларда Фарғона давлат университетида ўқиб юрганида ҳам бор эътиборини ҳуқуқий билимларни эгаллашга қаратиб, «Ўқишни тамомлагач, албатта, ички ишлар органларига ишга кираман» деб, ўз олдига қатъий мақсад қўйган эди.
Аммо орзуларига эришиши осон бўлмади. Олийгоҳни тамомлагач, бир муддат Фарғона саноат ва хизмат кўрсатиш коллежида ўқитувчи бўлиб ишлади. Иш билан узвий равишда ички ишлар органлари ходимларига номзодлар орасида ўтказилаётган танловларга тайёрланди, синовларда иштирок этди. Натижада 2014 йилда унинг орзулари ижобат бўлиб, қўриқлаш хизматида иш бошлади.
Унинг қалбидаги изқуварликка бўлган меҳр барибир устунлик қилаверди. Охири раҳбариятга шу йўналишда ишлаб, ўзини синаб кўрмоқчи эканлигини билдирди. Баҳодирдаги иштиёқ инобатга олиниб, 2017 йилда уни Қўқон шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили лавозимига тайинлашди.
Қўқонда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар салмоғи ҳам бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ кузатилади. Баҳодир Холматов бу ерда подполковниклар Музаффар Холдоров, Акрамжон Тожиев, Шавкатжон Мавлонов, Мақсадбек Эгамбердиев каби тажрибали устозларидан тезкор ходимга хос хислатларни, соҳанинг нозик сир-асрорларини ўрганди.
2020 йилда Марғилон шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлинмаси тезкор вакили вазифасига тайинлангач, подполковниклар Фаррух Қўшматов, Қудрат Мамажонов, Алишер Ашуров, Фарҳод Бектошев каби устозларнинг этагини тутди. Натижада йиллар давомида ўзи ҳам моҳир изқуварга айланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида 20 та муқаддам содир этилган жиноятни фош этишда муносиб иштирок этгани, шахсан ўзи 11 та жиноятни фош этгани, 10 дан ортиқ жиноятларни ўз вақтида аниқлагани, 6 нафар қидирувда юрган шахсни ушлагани катта тезкор вакилнинг тажрибаси тобора ошиб бораётганидан дарак беради.
- Ҳамкасбларимдан бири қўнғироқ қилиб, давлат мукофоти билан тақдирланганим ҳақидаги хушхабарни айтганида, шу касбни танлаб адашмаганимни юракдан ҳис этдим, — дейди қаҳрамонимиз. — Медални Ички ишлар вазирининг қўлидан қабул қилиб оларканман, кўз олдимга дарҳол ота-онам келди. Дадам Фозилжон Холматов ва раҳматли онам Дилоромхон Жўрабоева ана шундай ютуқларга эришишимни орзу қилишарди. Шу боис Фарғонага қайтгач, мукофотни энг аввало дадамнинг қўлларига тутқазиб, унинг дуосини олдим. Келгусида бу юксак мукофотни ўзимнинг ҳалол меҳнатим ва касбга садоқатим билан оқлайман.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Фарғона вилояти
